Қозоғистонда автоҳалокат оқибатида 12 киши ҳалок бўлди
Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида юк машинаси ва йўловчи ташувчи автомобил тўқнашди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармасига таяниб, Nur.kz маълум қилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, «DAF» юк автомобили Самара – Шимкент автомагистралидаги Белқопа посёлкаси яқинида қарши йўналиш бўйлаб чиқиб кетган ва «ГАЗел» йўловчи автомобили билан тўқнашган.
Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ҳар икки ҳайдовчи ва «ГАЗел» автомобилининг 10 нафар йўловчиси ҳалок бўлган. Беш нафар киши тиббиёт муассасасига етказилган. Ҳодиса бўйича терговгача текширув ишлари бошланган, — дейилади хабарда.
Аниқланишича, «ГАЗел» русумли йўловчи автомобили Юргенев қишлоғидан вилоят марказига расман йўловчиларни олиб кетаётган эди.
Ҳозирда, полиция ходимлари ва тезкор-тергов гуруҳи воқеа сабабларини ўрганмоқда.