Европа Иттифоқи давлатлари Россияга қарши 19-санкция пакетини маъқуллади
Европа Иттифоқи давлатларининг доимий вакиллари Россияга нисбатан 19-санкция пакетини маъқуллади. Тегишли қарор Европа кенгашининг Брюсселдаги йиғилиши олдидан қабул қилинди, деб ёзади DW.
Биз Европа Иттифоқига аъзо барча давлатлар ҳозиргина 19-санкция пакетига эътирозларини қайтариб олишга тайёр эканликларини эълон қилишдан мамнунмиз. Шунинг учун ёзма тасдиқлаш жараёни бошланди. Агар эътирозлар бўлмаса, пакет эртага эрталаб соат 8:00 га қадар қабул қилинади, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи ўрталарида Еврокомиссия Россияга қарши 19-санкция пакетини тақдим этган эди.
Ушбу пакет 2027-йил 1-январдан бошлаб Россиядан суюлтирилган газ импортини тўлиқ тақиқлашни ўз ичига олади. Чекловлар санкцияларни четлаб ўтишда, шу жумладан криптовалюталардан фойдаланиш орқали Россия энергия ресурслари савдосига кўмаклашувчи учинчи мамлакатлардаги компанияларга нисбатан қўлланилади.