Ўзбекистоннинг глобал очлик индекси бўйича жаҳондаги ўрни маълум бўлди
Ўзбекистон халқаро миқёсда эълон қилинган глобал очлик индексида 107 та мамлакат ичида 30-ўринда қайд этилди. Бу ҳақда «Global Hunger Index Results» хабар берди.
Таъкидланишича, 2020 йил учун халқаро миқёсда эълон қилинган глобал очлик индексида 107 та мамлакат иштирок этган. Ўзбекистон мазкур рейтингда энг яхши деб топилган 47 та мамлакатлар қаторида 6,7 балл билан 30-ўринда қайд этилган. Ўзбекистон 2019 йилги рейтингда 10,7 балл билан 48-ўринда кўрсатиб ўтилган.
Маълумот ўрнида, 2020 йилда МДҲ давлатларидан Қозоғистон 5,4 балл билан 21-ўринда (2019 йил 5,5 балл билан 20-ўринда), Арманистон 6,9 балл билан 31-ўринда (2019 йил 7,8 балл билан 30-ўринда), Қирғизистон 8,4 балл билан 42-ўринда (2019 йил 8,8 балл билан 35-ўринда), Туркманистон 11,1 балл билан 52-ўринда (2019 йил 11,8 балл билан 54-ўринда) қайд этилган.
Бу индекс ҳар бир мамлакат учун тўртта кўрсаткични жамлаш орқали аниқланади:
- тўйиб овқатланмайдиган аҳоли улуши;
- беш ёшгача бўлган вазни меъёрдан паст болалар улуши;
- беш ёшгача бўлган бўйи меъёрдан паст болалар улуши;
- беш ёшгача бўлган болаларнинг ўлим даражаси.
Қайта ҳисоблаш натижасида «тўйиб овқатланмайдиган аҳоли улуши» кўрсаткичи деярли 2,5 баробарга қисқартирилган ҳамда 2016–2018 йиллар учун 6,3 фоиздан 2,8 фоизга ўзгартирилган ва 2017–2019 йиллар учун 2,6 фоиз деб тан олинган эди.