Ўзбекистонда ўтган 9 ойда қанча бюджет маблағлари ноқонуний ўзлаштирилгани маълум бўлди
Ўзбекистонда 9 ой давомида буджет маблағларини талон-тарож қилиш билан боғлиқ 764 та қонун бузилиши ҳолати, жумладан, 468 та жиноят аниқланган. Етказилган зарар қарийб 220 миллиард сўмни ташкил этган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2020 йилнинг октябрь ойида Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятида маҳаллий буджетлар қўшимча даромадлари ҳисобидан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳолати ўрганилганда 146,5 миллиард сўмлик хато ва камчиликларни аниқланган. Аксарият қонун бузилиши ҳолатлари таълим тизимида кузатилган. Тизимда умуман ишламайдиган одамларга йиллар давомида ойлик ёзиб келинган.
Шунингдек, қурилиш соҳасида қарийб 8 миллиард сўмлик харажатлар ортиқча ваюқори нархларда киритилган. Бундан ташқари бажарилмаган ишлар учун1 миллиард 600 миллион сўмлик харажатлар қўшиб ёзилган.
Аввалроқ Сенат мажлисида 2021 йилги давлат бюджети тасдиқлангани ва Ўзбекистонда ўтган 9 ойда қанча бюджет маблағлари асоссиз сарфлангани маълум бўлганди. Шунингдек, Ўзбекистонда иқтисодий соҳада 2019—2020 йилларда 2,5 мингга яқин коррупционер мансабдорлар жавобгарликка тортилгани ҳамда Ўзбекистонда ўтган икки йилда қанча мансабдор шахс коррупциявий жиноятларни содир этгани хабар қилинганди.