Фарғона водийсида 2 кун метан «заправкаларга» газ етказиб бериш чекланади
Фарғона водийси вилоятларидаги газ тўлдириш компрессор шахобчалари ва йирик истеъмолчиларнинг газ таъминоти вақтинча тўхтатилади, деб Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хусусан, Фарғона водийси истеъмолчиларини табиий газ билан таъминловчи «Оҳангарон–Пунгон» магистрал газ қувурининг тоғли ҳудуддан ўтувчи қисмида қарийб 22 км қўшимча қувур қурилиши якунига етказилган.
Ушбу янги қувурни тармоққа улаш бўйича монтаж ишлари олиб борилиши муносабати билан 5 сентябрь куни соат 12:00 дан бошлаб 36 соат давомида «Оҳангарон–Пунгон» магистрал газ қувури орқали табиий газ узатиш вақтинча тўхтатилади.
Шунингдек, таъмирлаш ишлари вақтида (5-6 сентябрь кунлари) Фарғона водийси вилоятларидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) ҳамда йирик истеъмолчиларнинг газ таъминотига вақтинча чеклов киритилиши таъкидланди.
Шу билан бирга водий вилоятлари истеъмолчилари учун автобензин ёқилғисининг сотувга чиқариш ҳажми оширилиши хабар қилинди. Ушбу қурилиш-монтаж ишлари давомида аҳоли истеъмолчиларини табиий газ билан барқарор таъминлаш бўйича барча зарурий чоралар кўрилади.