Сурхондарё ва Фарғонада 2 мансабдор пора билан ушланди

Сурхондарёда энергетика соҳасининг мансабдор ходими ва Фарғона халқ қабулхонасининг масъул ишчиси пора устида қолга тушди. Бу ҳақда давлат хафсизлик хизмати хабар берди.

Аниқланишича «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ  «Энергосавдо» филиалининг Сурхондарё вилояти Олтинсой туман бўлими бошлиғи, туман сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси бош мутахассиси билан ўзаро тил бириктиради.

Пахта етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликнинг электр энергиясидан қарздорлиги бўлсада, уни умумий фойдаланишда бўлган электр тармоғига қайта улаб беришни ваъда қилади.

Шунингдек мансабдор, ўзида сақлаб келаётган фермер хўжаликка тегишли электрон ҳисоблагични қайтариб беришни айтиб, хизматлари учун 5 млн. сўм талаб қилади. Тезкор тадбир давомида у сўралган пул маблағини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланади.

Яна бир ҳолатда, Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси, бир фуқаронинг кредит қарздорлиги бўйича Мажбурий ижро бўлимида унга нисбатан юритилган ижро ҳужжатини танишлари орқали йўқ қилиб беришни айтади.

Ушбу етакчи хам хизмати учун 5 миллион сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, — дейилади хабарда.

Ўзбекистон