«Ўзим болага зорман, уларни қандай уришим мумкин?» Олмалиқдаги боғчада болаларни ургани айтилган  тарбиячи воқеага изоҳ берди — видео

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридадаги 13-сонли мактабгача таълим ташкилотида болаларни ургани айтилган тарбиячи воқеага изоҳ берди. Бу ҳақда «Zamon» информацион дастурида хабар берилди.

Кадр: Telegram / @zamonuz

Хабарга кўра, мазкур боғча тарбияланувчисининг отаси ижтимоий тармоққа видео жойлаган, унда тарбиячи болаларга қўполлик қилгани, бақиргани акс этган. Маълум бўлишича, тасвирни олган А.А.нинг фарзанди мазкур боғчага қатнаётганига ҳали 1 ой ҳам бўлмаган. Ота табиячилар иши, тарбия жараёни ва озиқ-овқат таъминоти ҳақида бирор бир фикр билдирмаган.

Аммо тарбиячи Ҳ.Ў.нинг ҳаракатларига тоқат қилолмаганини айтган: «Уни болаларга бақир-чақир қилаётганига гувоҳ бўлдим. Уларга бақириб, қўрқитиб, йиғлатган. Битта менинг фарзандим эмас, фарзандимдан ташқари 4 нафар бола йиғлаб турган эди».

Вилоят мактабгача таълим муассасаси бошқармаси методистининг сўзларига кўра, тарбиячи ҳақиқатан ҳам болаларга овозини кўтарган, лекин уларни урмаган. Тарбиячининг ўзи ҳам бўлган воқеага изоҳ берди:

«Болаларга чой бераётганимда, уларнинг ҳаммаси тўсатдан йиғлайди. Оналарини қaчон келишини сўрайди. Овқат емаслигини, онасини чақириб беришимни сўрайди. Биттасига қўшилиб бошқа болалар ҳам йиғлашга тушади. Шунда мен ‘оналарингизни чақириб бераман’, деб бақирдим. Бақирмасдан айтмоқчи бўлсам улар гапимга қулоқ солмайди. Ана шу вақтда ота-она тўсатдан олдимга кириб келдида, болаларни уришга нима ҳақингиз бор, уларни уришишга нима ҳақингиз бор деб пешонамга камерани тутди».

Маълум бўлишича, ҳозирда у лавозимидан бўшатилмаган. Машғулотларни ҳам давом эттиряпти. Воқеа юзасидан ишчи гуруҳи тузилиб, ҳозирда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар