«У ўзи ҳамма болаларни уради». Самарқандда калтакланган боғча тарбияланувчиси мудира ҳақида гапирди

Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги 13-мактабгача таълим муассасида мудира боғча тарбияланувчисини ургани ҳақида хабар берилганди. «Zamon» информацион дастури мухбири мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказиб, калтакланган бола билан суҳбатлашди.

Кадр: Telegram / @zamonuz

Таъкидланишича, 6 ёшли бола зукколиги учун мактабгача таълим ташкилоти томонидан тақдирланиб келган.

«Энг яхши боғча опаларим — Шаҳноза, Диля опа. Ёмони эса Роҳат опа (мудира — таҳририят). У ўзи ҳамма болаларни уради», — дейди тарбияланувчи.

Шунингдек, боланинг бобоси ҳам ҳолатга муносабат билдирган.

«Мен бу кишини кечирмайман. Аввал ҳам бу ишлар бўлган экан. Биз буни билмаганмиз. Эрталаб, болам, боғчага борасанми десак, бормайман деди. Кеча видеосини кўриб, асабларим бузилиб кетди», — дейди Мурод Маматқулов.

«Шеърларни яхши ёдлайди. Машғулотларга ҳам қатнашади, лекин бироз тўполончилиги бор», — дея қайд этган тарбиячи Дилфуза Маҳкамова.

Маълум бўлишича, аввал ҳам мудиранинг устидан мутасадди ташкилотларга шикоят келиб тушган. Аммо мудира шикоят қилувчиларни турли йўллар билан енгиб келган.

Ҳозирда тегишли ташкилотлар томонидан ҳолат юзасидан ўрганишлар ишлари ўтказилмоқда ва тез орада мудирага тегишли чора кўрилиши маълум қилинган.

Аввалроқ «Zamon» информацион дастури мухбири мазкур боғча мудираси Роҳатой Аҳророва билан интервью уюштирганди. Мудира видеолавҳага изоҳ берар экан, ўзини тўғри тута олмаганини ва қизиққонлик қилганини таъкидлаган. У боланинг ҳақоратли сўзларни айтганини маълум қилган.

Янгиликлар