Андижоннинг ҳар бир туманида биттадан мактабларда АКТ хоналари ташкил этилди

Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан ҳар бир ҳудудда биттадан мактабларда намунали АКТ хоналари ташкил этилди. Бу ҳақда «Замон» информацион дастури хабар берди.

Лавҳада маълум қилинишича, ушбу мактаблар Кореянинг «Эксимбанк» кредит маблағлари ҳисобидан келтирилган компьютерлар билан таъминланган. АКТ соҳасидаги лойиҳаларни, жумладан «Бир миллион дастурчи» лойиҳасини умумтаълим мактабларида жорий қилиш учун қўшимча имконият яратилган.

Ўқувчи Омонулло Тожиддинов «Бир миллион дастурчи» лойиҳасининг икки йўналишида ғолиб бўлган. У яшайдиган қишлоқда имкониятлар бўлмаслигига қарамасдан мактабда яратилган шароитлар сабаб соҳани яхши эгаллаб, фрилансерлик асосида фаолият юритишни бошлаган.

Ўқувчи Маврур Ҳайитбоев эса Американинг 1,5 минг долларлик курсига грант ютиб олган. У «Бир миллион дастурчи» лойиҳасининг ‘nanodegree’ гранти соҳиби бўлган, унга тақдим қилинган қўшимча 500 долларга эса ноутбук сотиб олишни режалаштираётганини айтган.

Видеолавҳада ўқувчи Бунёдбек Абдураззоқовнинг Ўзбекистон шароитида интернет тезлиги паст бўлса ҳам фойдаланиш қулай бўлган электрон кутубхона платформаси устида ишлаётганлиги акс этган. Унинг айтишича, дастурнинг умумий ҳажми 1 Мб бўлади ва унга турли соҳадаги электроон китоблар жойланади.

Аввалроқ андижонлик мактаб ўқувчиси 1,5 минг долларлик дастурлаш курсига грант ютиб олгани хабар қилинган эди.