Ўзбекистонда гендер тенглик масалаларига бағишланган онлайн-тренинг бўлиб ўтди

Ўзбекистон гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ҳамда Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан 20 август кунлари «Гендер тенглиги ва гендер масалалари» мавзусидаги онлайн-тренинг ташкил этилди. Бу ҳақда Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати

Маълумотларга кўра, тадбир бир қатор халқаро тузилмалар, хусусан Франциянинг Техник ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда комиссия ва қўмита аъзолари, бир қатор вазирлик ва идора вакиллари иштирок этди.

Тренинг Ўзбекистонда гендер тенглиги ва аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини муҳокама қилиш, давлат идоралари ходимларининг гендер тенглик масалалари бўйича хабардорлик даражасини оширишга қаратилди.

Таъкидланишича, бугунги кунда гендер тенгликка эришиш нафақат демократик қадриятлардан бири, балки ижтимоий-иқтисодий ва маънавий тараққиётнинг муҳим омили ҳисобланади. Жаҳон миқёсида орттирилган тажриба шундан далолат берадики, айнан эркаклар ва аёллар учун тенг имкониятлар мавжуд давлатларда аҳоли турмуш фаровонлиги ва ижтимоий-сиёсий фаоллиги юқори даражада бўлиб, ислоҳотлар муваффақияти таъминланади.

«Бунда, аввало, давлат хизматида банд бўлган юртдошларимизнинг ушбу масалалардаги билимларини ошириш, таъбир жоиз бўлса, қарашларини ўзгартириш долзарб вазифа ҳисобланади. Шу жиҳатдан тренингда гендер тенглигига оид тушунчаларни атрофлича таҳлил қилинди. Шунингдек, иштирокчиларга соҳада амал қилаётган миллий ва халқаро меъёрий хужжатлар ҳақида маълумот берилди. Мавзуга оид стереотиплар, яъни ‘қолипли’ қараш ва тушунчаларлар ҳақида ҳам сўз юритилди», — дейилади хабарда.

Тренинг иштирокчилари томонидан зўравонликдан жабрланганларга ёрдам беришнинг идоралараро ёндашуви, гендер масалалари бўйича ижтимоий шериклик ҳамда хотин-қизларни комплекс қўллаб-қувватлаш вазифаларини ҳам кўриб чиқилди.

Аввалроқ Тошкентда бошпанасиз қолган бухоролик аёлга ёрдам берилгани маълум қилинган эди. Кейинчалик Бухорода битмаган уйида чайла қуриб яшаётган аёлга ёрдам берилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар