Мирзаободда ҳокимликдаги танишлари ёрдамида фермердан 2,7 гектар ерни 66 млн сўмга олиб бермоқчи бўлган эркак ушланди

Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида ҳокимликдаги танишлари ёрдамида фермердан 2,7 гектар ерни 66 миллион сўмга олиб бермоқчи бўлган эркак қўлга олинди.

Маълум қилинишича, 1986 йил Сирдарё вилоятида туғилган эркак Мирзаобод туманида ўзининг номига ташкил қилинган анорчиликка ихтисослаштирилган «Нуриддин асл мевалари» фермер хўжалигининг 2,7 гектар ер майдонини туман ҳокимлигидаги танишлари орқали Гулистон туманида яшовчи фуқаро номига расмийлаштириб беришини айтган. Ушбу иши эвазига 66 миллион сўм олган вақтида ДХХ вилоят бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинган.

Қайд этилишича, қўлга олинган эркак Сирдарё вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси, «Таъмирлаш-тиклаш хизмати» давлат унитар корхонасида бош мутахассис бўлиб ишлаган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан аввал Фарғонада укасининг 8,5 минг доллардан ортиқ пулини ўғирлаган ака ва Қўқонда салкам 115 миллион сўмлик матоларни олиб, пулини бермаган аёл ушлангани ҳақида хабар қилинган эди. Шунингдек, Данғарада ошхонадан салкам 1 миллион сўмлик буюмларни ўғирлаган эркак ҳамда Фарғона шаҳрида пойтахтдан уй олиб беришини айтиб, эркакни 20 минг долларга «ухлатган» одам ушлангани маълум қилинганди.