Зангиотадаги шифохонада вафот этганларни яқинларига бериш тартиби маълум қилинди

Республика патологик анатомия маркази директори, Соғлиқни салқаш вазирлиги бош патологоанатоми, профессор Ражаббой Исроилов Тошкент вилояти Зангиота туманидаги шифохонада коронавирус инфекциясидан вафот этганларни яқинларига бериш тартибини маълум қилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасида вафот этганларнинг жасади берилишини қариндошлари муассаса эшиги олдида узоқ вақт кутиб қолаётгани тўғрисида видео ва матнли ахборотлар тарқалган. Мазкур ҳолат бўйича профессор Исроилов қуйидагича изоҳ берган:

«Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасида жорий йилнинг 1 август кунидан бошлаб патологик анатомия бўлими фаолияти ташкил этилди. Эндиликда ортиқча оворагарчиликларга йўл қўймаслик, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида мазкур шифохонада вафот этганларнинг маййитини қариндошлари ушбу бўлимдан олиб кетишлари мумкин. Бундан аввал маййит Республика патологик анатомия марказига олиб бориларди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 28 мартдаги ‘Коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган ёки гумон қилиниб, вафот этган беморлар жасадини дафн этишда хавфсизликни таъминлаш бўйича вақтинча қоидалар’га асосан, ўлим содир бўлган бўлимда 2 соат сақланиб, шундан сўнггина патологик анатомия бўлимига олиб келинади. Кейин мурда рўйхатдан ўтказилиб, 3 фоизли хлорли эритмада зарарсизлантирилади, мурданинг диний эътиқодига кўра ювилиб (кафанланиб ёки кийинтириб), қаришдошларига топширилади. Табиийки, бу амалиётлар ўтказилиши учун ўртача 3—4 соат вақт талаб этилади. Бу вақтда қариндошлар муассаса эшиги тагида кутиб қолмоқда», — деди профессор.

Бундан ташқари, Ражаббой Исроилов коронавирусдан вафот этганлар сони камайитириб кўрсатилаётгани ҳақидаги гап-сўзларга ҳам ўз муносабатини билдирган:

«Шунингдек, тарқатилаётган видео, матнли хабарларда ‘Коронавирусдан вафот этган мурдаларни олиб кетишда навбат кутувчилар шунча бўлса, уларнинг сонини статистика нега кам беряпти?’ деган мулоҳаза ҳам мавжуд.

Патологик анатомия бўлими эшиги олдида кутиб турган одамлар кўплигининг сабаби аслида бир нафар мурдани олиб кетиш учун камида 4 нафар қариндоши келади, бу эса ўз-ўзидан фуқароларнинг ваҳимага тушишига сабабчи бўлмоқда. Қайд этиш жоизки, статистика маълумотларини сохталаштиришдан ҳеч ким манфаатдор эмас.

Маълумки, Зангиота туманидаги юқумлик касалликлар шифохонасида нафақат коронавирус билан касалланганлар, балки бошқа турдаги ўткир инфекция ва пневмония билан оғриган беморлар ҳам даволанмоқда. Коронавирусдан вафот этганлар статистикасида фақат COVID-19 диагнози вирусологик текширувда тасдиқланганлар сони берилади, лекин бу шифохонада пневмония ва бошқа инфекцион касалликлардан ҳам вафот этаётганлар бор. Табиийки, улар коронавирус статистикасига киритилмайди», — деган ССВ бош патологоанатоми.

Шунингдек, Республика патологик анатомия маркази директори мазкур шифохонадаги патологоанатомик бўлими янада такомиллаштирилиши ва кечки навбатчиликни ҳам ташкил қилиш наижсида тунги вақтларда майитни қариндошларига топшириш имконини яратиш режалаштирилаётганини таъкидлаган.

Ражаббой Исроилов «Зангиота шифохонаси атрофида тобут ташийдиган машиналар нархларни 700 мингдан бошлаб кўтариб юборган» деган фикрларга қуйидагича изоҳ берган:

«Жасадларни етказиб бериш Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика патологик анатомия маркази зиммасида эмас. Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси дарвозаси олдида дафн этиш маросимини ташкил қилувчи хусусий ташкилотлар жасадни ташиб беришни таклиф қилишмоқда. Уларнинг ўз хизматлари учун белгилаган нархларини назорат қилиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика патологик анатомия маркази ваколатига кирмайди», — дейди профессор.

Аввалроқ Ражаббой Исроилов «Tez News» мухбирига берган интервьюсида коронавирусдан вафот этган марҳумларнинг мурдаси патологоанатал текширувдан ўтган бўлса, улар ҳам ҳақиқий ўлим сабабини кўрсатиб, қариндош-уруғларига беришини айтган эди.

Янгиликлар