Чимён тоғ зонасида шторм огоҳлантириш эълон қилинди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 20 декабрь, якшанба куни Чимён тоғ зонасида шторм огоҳлантириш эълон қилди.

Қайд этилишича, Чимён ҳудудида яшовчилар кўчки хавфидан огоҳлантирилган. Унга кўра, 20 декабрь соат 08:00 дан 21 декабрь соат 08:00 гача Чимён тоғ зонасида шторм огоҳлантириш — қор кўчиш хавфи эълон қилинган.

Aввалроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қамчиқ довони автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилганини эълон қилганди. Қайд этилишича, бунга довон ҳудудида кузатилган кучли шамол ва қор кўчкиси сабаб бўлган.

Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, ҳозирда Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Aнгрен шаҳарлари ҳамда Наманган вилоятининг Поп туманида автотранспорт ҳайдовчилари ва йўловчиларни қабул қилиш бўйича барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу сабабли Қамчиқ довонидан ўтишга улгурмаган автотранспорт ҳайдовчилари ва йўловчиларга ушбу ҳудудлардаги мавжуд умумий овқатланиш шохобчаларида исиниш учун вақтинча жойлашиб туриши тавсия этилган.

Эслатиб ўтамиз, ФВВ 22 ноябрь куни ҳам Қамчиқ довонида ҳаракатланадиган ҳайдовчиларни огоҳлантириб, қор ёғиш эҳтимоли борлиги ҳақда хабар берган.