Сурхондарё ва Фарғонада 20 дан ортиқ болага ноқонуний диний таълим берилгани аниқланди
Иккала ҳолат бўйича ҳам жиноят ишлари қўзғатилди, вояга етмаганларнинг ота-оналарига нисбатан маъмурий чоралар кўрилди

Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида болаларга ноқонуний диний таълим бериш ҳолатлари аниқланди, деб хабар бермоқда ДХХ матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида истиқомат қилувчи, 1985 й.т., муқаддам судланган фуқаро ҳеч қандай махсус диний маълумотга ва тегишли рухсатномага эга бўлмасдан жорий йилнинг июн ойидан бошлаб ўз яшаш хонадонида 2011 ва 2019 йиллар оралиғида туғилган 22 нафар вояга етмаган болаларга сабоқ бериб келган.
Денов ва Олтинсой туманларидан келган болаларнинг ушбу манзилда санитария-гигиена талабларига зид ҳолатдаги шароитда яшаб, сабоқ олишлари учун 500 минг сўмдан 100 АҚШ долларигача бўлган миқдорда ойлик тўлов жорий этилган.
Шунингдек, Фарғона вилояти Риштон туманида истиқомат қилувчи, 1971 й.т. аёлнинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, у жорий йилнинг май ойи охирларида Бағдод ҳамда Ёзёвон туманларидан келган, 2011 ва 2017 йиллар оралиғида туғилган 5 нафар вояга етмаган болаларга ҳеч қандай рухсатномасиз диний таълимотдан сабоқ бераётганлиги аниқланиб, ўқитиш жараёнида фойдаланилган адабиётлар текшириб кўриш учун ашёвий далил сифатида олинди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан мазкур фуқароларга нисбатан Жиноят Кодексининг 229²-моддасининг 2-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Болаларнинг ота-оналарига нисбатан эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасига мувофиқ маъмурий чора кўрилди ва тегишли профилактик суҳбатлар ўтказилган.





