Навоийда туризм Қозоғистон билан ҳамкорликда ривожлантирилади

Навоий вилоятига ҳудуддаги тарихий қадамжолар, обидалар ва туристик объектлар билан яқиндан танишиш мақсадида Қозоғистон делегацияси ташриф буюрди. Бу ҳақда Навоий вилояти Туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Навоий вилояти Туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси

Қайд этилишича, меҳмонлар Туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси вакиллари томонида кутиб олинган. Кун давомида ушбу делегация меҳмонлари Навоий вилояти Нурота туманидаги «Чашма» комплекси ва қозоқ халқининг буюк кичик жуз аждодларидан бири бўлган «Aйтеке би» мақбараси ва Қизилтепа туманидаги маданий объектлар, Конимех тумани «Конимех Эко Парк» дам олиш маскани билан яқиндан танишган.

Шунингдек, уларга Навоий вилоятида мавжуд бошқа кўплаб зиёратгоҳлар, жумладан, Кармана туманидаги Қосим Шайх, Мирсайид Бахром, Мавлоно Ориф Деггароний, Работи Малик каби тарихий марказлар ҳақидаги маълумотлар жамланмасини, мазмун моҳиятини тарғиб этиш мақсад этилган.

Бошқарма хабарига кўра, Қозоғистон делегацияси ташрифининг асосий қисми ва мақсадли вазифалари 23 январ санасида Навоий вилоятида амалга оширилиб, Қозоғистон «Kazakh Tourizm» миллий компанияси, шунингдек, Қозоғистон туристик ассотсацияси билан Навоий вилояти ҳокимлиги ўртасида манфаатли ҳамкорлик ўрнатилиши режалаштирилган.  Ушбу ҳамкорлик натижасида Меморандум имзоланиб, келгусида Навоий вилояти тарихий обектларига қозоқистонлик маҳаллий аҳоли ташрифини кенгайтириш ва сайёҳлар оқимини ошириш кўзда тутилган.

Маълумот ўрнида, Қозоғистон делегацияси Тошкент шаҳри ва вилоятида жойлашган маданий меросий обектларда, Зангиота зиёратгоҳи ва Чиноз туманидаги Эшонобод туризм қишлоғида булган.

Янгиликлар