Навоийда чўмилаётгани тасвирланган видеони тарқатмаслик учун фуқародан 3 млн сўм талаб қилган аёл ушланди

Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида 34 ёшли аёл 40 ёшли фуқаронинг чўмилаётгани тасвирга олинган видеони тарқатиш билан қўрқитиб, ундан пул талаб қилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «ndnews.ru»

Мъалум қилинишича, 2021 йил 11 январь куни  Зарафшон шаҳрида яшовчи 34 ёшли вақтинча ишсиз аёл М.А. 40 ёшли фуқаро Р.А.ни чўмилаётган ҳолатда видеога олган.

Шундан сўнг олинган видео тасвирни унинг иш жойи ҳамда маҳалласига олиб бориб кўрсатиш ва тарқатиш билан қўрқитган. Ундан видеони тарқатмаслик учун 3 миллион сўм пул талаб қилгани аниқланган. Р.А.дан 1 миллион 900 минг сўм пулни Зарафшон шаҳридаги «Мўъжизалар майдончаси» савдо мажмуаси ёнида олаётган вақтида М.А. ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан М.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда суриштирув ишлари давом этмоқда.

Аввалроқ Самарқандда 43 ёшли дугонасининг уятли фотосуратларини тарқатиб, шарманда қилмаслик учун 2200 доллар талаб қилган аёл ушлангани ва Бухорода фотомоделликни таклиф қилиб, қиздан алдов йўли билан 650 минг сўм олган «фотограф» қўлга тушгани хабар қилинган эди.