Қишлоқ хўжалиги вазири озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича халқаро форумда иштирок этди

Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев Германия Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазири Юлия Клёкнернинг таклифи билан Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича XIII Глобал форумда (GFFA) иштирок этди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати «Tez News»га маълум қилди.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, форум 2021 йил 18-22 январь кунлари озиқ-овқат, боғдорчилик, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги йирик тадбирлардан бири — Берлиндаги «Яшил ҳафта» халқаро кўргазмаси доирасида ўтказилмоқда. 2020 йил ноябрь ойида Европа ва Марказий Осиё бўйича ФАО Минтақавий анжумани раиси этиб сайланган Жамшид Ходжаев 2021 йил 19 январь куни ФАО томонидан ташкил этилган юқори даражадаги экспетрлар йиғилиши доирасида GFFA форумида сўзга чиққан.

Йиғилишда, шунингдек, ФАО Бош директори Цюй Дунъюй, Жанубий Африка қишлоқ хўжалиги, ер ислоҳоти ва қишлоқ жойларини ривожлантириш вазири Токо Дидиза, Швейцария Конфедерацияси қишлоқ хўжалиги федерал бошқармаси директори Кристиан Хофер, Syngenta Group бош ва ижрочи директори Эрик Фирвальд ва ГФР озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бевосита вазири Юлия Клёкнер иштирок этган.

«Ўзбекистонда пандемия туфайли энг зарурий маҳсулотлар ва озиқ-овқат маҳсулотларининг етказиб берилишидаги узилишлар ўзбек фермерлари ва истеъмолчиларининг айрим қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан фойдаланишига таъсир кўрсатди, масалан, картошка ва ўсимлик мойи билан боғлиқ муаммолар юзага келди, шу сабабли келгусида импортдан мустақил бўлиш учун картошка ва мойли ўсимликларни жойлаштириш ҳажмларини қайта кўриб чиқмоқдамиз», — дея нутқ сўзлади Жамшид Ходжаев.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати

Бундан ташқари, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари тизимларини босқичма-босқич янгилашни қўллаб-қувватлаш, бу соҳада таълим ва касбий тайёргарлик салоҳиятини кенгайтириш, шунингдек, келажакда фермерлар ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига ўз бизнесини муваффақиятли ривожлантиришга имкон берадиган самарали маслаҳат тармоғини яратиш учун катта маблағлар ажратган мамлакат ҳукуматининг саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлаб ўтган.

Маълумот ўрнида, GFFA қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигига оид долзарб масалалар бўйича дунёда етакчи форум сифатида тан олинган. COVID-19 пандемияси муносабати билан тадбир биринчи марта виртуал кўринишда ташкил этилган. Бунда энг катта эътибор тўртта асосий масалаларга қаратилган:

  • Қандай қилиб озиқ-овқат тизимлари COVID-19 пандемиясидан сўнг янада кучлироқ бўлиши мумкин;
  • Қандай қилиб аграр сектор келажакда пандемияларнинг олдини олишга хизмат қилиши мумкин;
  • Озиқ-овқат тизимларининг иқлим таъсирига чидамлилигини қандай ошириш мумкин;
  • Иқлимни муҳофаза қилишда озиқ-овқат тизимларининг ҳиссасини қандай ошириш мумкин.

Аввалроқ Ўзбекистон 2021 йилда Бутунжаҳон озиқ-овқат саммити ишида қатнашиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар