Тошкентдан вилоятга қатнайдиган автобусларда йўлкира нархи ошгани бўйича изоҳ берилди

Тошкентдан вилоятга қатнайдиган автобусларда йўлкира нархи ошгани бўйича Транспорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов изоҳ берди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Фото: Транспорт вазирлиги ахборот хизмати

Тошкент автовокзалидан вилоятга қатнайдиган автобус йўлкира нархлари бугун, 20 январдан оширилди. Бунга соҳада хизмат кўрсатадиган корхоналарнинг харажатлари ошиб кетгани сабаб бўлган. Қуйида 5 ва 20 январь куни «Тошкент» автовокзалидан амалга ошириладиган автобус қатновлар нархидаги тафовутлар кўрсатилган:

  • Тошкент – Зарафшон чипта нархи 80 000 сўм;
  • Тошкент – Жўш – Нурота 65 000 сўм (аввалги нарх 60 000 сўм);
  • Тошкент – Хатирчи 50 000 сўм (ошмаган);
  • Тошкент – Навоий 56 000 сўм (аввалги нарх 52 000 сўм);
  • Тошкент – Бухоро 75 000 сўм (ошмаган);
  • Тошкент – Зарафшон 80 000 сўм;
  • Тошкент – Қоракўл 80 000 сўм (аввалги нарх 73 000 сўм);
  • Тошкент – Фориш 36 000 сўм;
  • Тошкент – Қарши 59 000 сўм (аввалги нарх 54 000 сўм);
  • Тошкент – Ўсмат 34 000 сўм (аввалги нарх 32 000 сўм);
  • Тошкент – Самарқанд 38 000 сўм (аввалги нарх 35 000 сўм);
  • Тошкент – Зомин 26 000 сўм (аввалги нарх 24 000 сўм);
  • Тошкент – Узун 108 000 сўм (аввалги нарх 100 000 сўм);
  • Тошкент – Денов 94 000 сўм (аввалги нарх 87 000 сўм);
  • Тошкент – Термиз 85 000 сўм (аввалги нарх 78 00 сўм);
  • Тошкент – Хива 125 000 сўм (аввалги нарх 115 000 сўм);
  • Тошкент – Урганч 125 000 сўм (аввалги нарх 115 000 сўм).

Наврўз Ашурматовнинг сўзларига кўра, Тошкент автовокзалидан мамлакатнинг турли шаҳарларига қатновларни амалга ошираётган автобусларнинг аксарият қисми хусусий корхоналарга тегишли. Турли йўналишларда қатновларни амалга ошираётган корхоналар тендер асосида танлаб олинган. Бундай ташувчилар томонидан қандайдир сабаб билан йўлкира ошириладиган бўлса, аввал транспорт вазирлиги ҳузуридаги комиссияга нархлар оширилишининг сабаблари келтирилади.

Шундан сўнг, комиссия розилиги билан нархлар оширилади. Ҳозирги нарх оширилиши ҳам шу тартибда бўлган. Йўлкира нархларининг кўтарилишига кўпинча ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ва эҳтиёт қисмлар нархининг ошиши сабаб бўлади.

Шунингдек, у Вазирлар Маҳкамасининг «Шаҳарда ва шаҳар атрофига қатнайдиган йўловчи ташиш транспорти хизматларининг тарифлари тўғрисида»ги қарорига асосан 1994 йил 1 октябрдан бошлаб шаҳар атрофидаги йўналишлар бўйича қатновчи автобуслар билан йўловчиларни ташишда шартномавий (эркин) тарифларга ўтилиши белгиланганини таъкидлаб ўтган.

Йўловчи ташиш транспорти хизматлари учун чекланган тарифлар маҳаллий давлат ҳокимиятлари томонидан фақатгина шаҳар йўловчи ташиш транспортида (йўналишли ва линияли таксилардан ташқари) йўловчиларни ташиш хизматлари учун белгиланади. «Рўйхатга қарасангиз, баъзи йўналишларда нарх ошган. Баъзиларида ўзгаришсиз қолган. Демак, қайсидир корхона харажатлари ошгани учун нархларни кўтарган, бошқаси ўзгаришсиз қолдирган», — дейди у.

Аввалроқ Ўзбекистонда илк бор ерости автомобиль йўли қурилаиши ва Тошкент шаҳридан Фарғона водийсига қўшимча поезд қатнови йўлга қўйилгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Tошкентдан Самарқандга «Afrosiyob» поездининг қўшимча қатнови йўлга қўйилиши маълум қилинган.

Янгиликлар