Аброр Мухтор Алий озодликка чиқди

Диний воиз Аброр Мухтор Алий 15 суткалик маъмурий қамоқ жазосини ўтаб, озодликка чиқди.

Масъулнинг билдиришича, Аброр Абдуазимов 15 сутка маъмурий қамоқни 13 суткада якунлаган.

“Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2024 йил 20 февралдаги қарорига мувофиқ Аброр Абдуазимов (1976 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилган)га нисбатан жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг 2024 йил 6 февралдаги қарори билан тайинланган маъмурий қамоқ жазоси муддати ўзгартирилиб, озодликка чиқарилди”, — дейди Азиз Абидов.

Унга 15 сутка маъмурий қамоқ тайинланган суд қарорида келтирилишича, у 6 февраль куни Шайхонтоҳур туман ҳокимлигига шериги Хусрав Насруллаев билан бирга бориб, бақир-чақир қилиб жанжал кўтарган. Уларнинг ўзаро жанжалига аниқлик киритиш мақсадида келган милиция ходимлари қонуний талабларини бажармаган. Ходимларга бўйсунмасдан, оммани ўзига жалб қилиб, ИИО ходимларига нисбатан сохта уйдирмаларни тарқатгани аниқланган.

Суд мажлисида ҳар икки ҳуқуқбузар жаҳл устида жанжал кўтарганини ва ИИО ходимлари талабларини бажармаганини тан олиб, қилмишидан пушаймонлигини, бу каби ҳолат бошқа такрорланмаслигини билдириб, суддан енгиллик беришни сўраган.

Аброр Абдуазимов ва Хусрав Насруллаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 194-модда (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддасида (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) ифода қилинган ҳуқуқбузарликни содир этишда айбли деб топилган. Уларга 15 сутка маъмурий қамоқ ва БҲМнинг 1 баравари, яъни 340 минг сўм жарима жазоси тайинланганди.

Янгиликлар