Aндижонда аҳолини камбағалликдан чиқариш мақсадида 5 нафар фуқарога броллер жўжалари топширилди (фото)
Миллий гвардия Aндижон вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Қўриқлаш бошқармаси масъул ходимлари томонидан махалла мутасаддилари билан уйма-уй юрилиб, кам таъминланган, ногирон, боқувчиси йўқ, эҳтиёжманд оилаларнинг яшаш шароити яқиндан ўрганилмоқда. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, 20 август, пайшанба куни Aндижон шаҳар «Янги ҳаёт» МФЙда истиқомат қилувчи 1-гуруҳ ногирони Д.Миролимов ҳолидан хабар олиниб, ҳаракатланиши учун зарур бўлган ногиронлик аравачаси топширилди. Оила аъзолари билан суҳбатлашиб, муаммолари ва уларни бартараф этиш йўллари кўриб чиқилган.
Шунингдек, аҳолини камбағаликдан чиқариш чора-тадбирларини амалга ошириш доирасида Қўриқлаш бошқармаси ходимлари туман кенгаши депутати И.Исроилова билан «Бобохуросон» МФЙда яшовчи кам таъминланган 5 нафар фуқаро — С.Дадахўжаева, Ў.Бобоева, Б.Сотволдиев, Г.Тилаволдиева ва Г.Ориповага хонадонларида паррандачиликни йўлга қўйиш учун кўмак сифатида броллер жўжалари топширилган.
Эслатиб ўтамиз, Бухородаги 15 та меҳмонхона ва сайёҳлик компаниялари вакилларига шахсий ҳимоя воситалари тарқатилгани ҳамда Шаҳрихонда инсультга чалинган фуқарога ногиронлар аравачаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширилгани ҳақbда хабар қилинганди.