Навоийда 2 нафар уйсиз фуқаронинг 28,5 млн сўмини талон-торож қилган маҳалла раиси қўлга олинди

Навоий вилояти Нурота туманида маҳалла раиси икки нафар эҳтиёжманд фуқарога бюджетдан ажратилган 28,5 миллион сўмни талон-торож қилди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Tez News»га хабар берди.

Хабарда айтилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Нурота туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда тумандаги «А» номли МФЙ раиси Д.Х. томонидан яшаш учун уй-жойи бўлмаган ҳамда эҳтиёжманд оила тоифасига киритилган икки нафар фуқарога хонадон сотиб олиш учун бюджетдан ажратилган маблағлардан 28,5 миллион сўмини уй-жойни таъмирлаб беришга ваъда қилган ҳолда фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлиги аниқланган.

Терговга қадар текширув давомида маҳалла раиси Д.Х. қилган ишидан пушаймонлигини билдириб, етказилган зарарнинг 19 миллион сўмини ўз ихтиёри билан қайтарганлиги процессуал расмийлаштирилгани маълум қилинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Д.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистондаги боғчаларда 48 миллиард сўмдан ортиқ пул талон-торож қилингани ва болаларга яроқсиз гўшт ва озиқ-овқат берилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар