Уругвайда коронавирус қурбонлари хотирасига бағишланган бутунжаҳон ёдгорлиги ўрнатилади (видео)

Gómez Platero Лотин Америка меъморчилик фирмаси Уругвай қирғоғи бўйидаги сув юзасида коронавирус қурбонлари хотирасига бағишланган бутунжаҳон ёдгорлиги дизайнини тақдим қилди. Бу ҳақда «dezeen» сайти хабар берди.

Фото: «dezeen»

Хабарда ликопча кўринишидаги ҳайкал пандемия мавзусига бағишланган илк кенг масштабли ёдгорлик бўлиши мумкинлиги айтилади. «Меъморчилик дунёни ўзгартиришнинг кучли воситаси ҳисобланади. Бу, биринчи навбатда, кичик фрагментлардан мангуга қоладиган ва жаҳон маданиятининг бир қисмига айланадиган жамоавий ва тарихий воқеликдир», — дейди фирма директори.

Фото: «dezeen»

Лойиҳа муаллифлари ушбу ёдгорлик ташриф буюрганларда пандемиянинг оғир пайтлари ҳақидаги хотираларни уйғотишига ҳамда бу билан инсоният табиат қонунларига бўйсунишини эслатишга умид қилмоқда.

Фото: «dezeen»

Қирғоқдан 40 метр диаметрли ёдгорликнинг ҳалқа платформасигача пиёдалар кўпригини қуриш режалаштирилган. Марказда эса 10 метр диаметрли туйнук очилади ҳамда у ерда тош ва сувни кўриш мумкин бўлади.

Фото: «dezeen»

Ёдгорликнинг қайирма юзаси бетондан ишланади, пасти эса пўлат пластиналар билан мустаҳкамланади. Бу саҳнни қуришдан мақсад шаҳар шовқинидан қочишни истаган инсонлар учун сокин макон тақдим этиш ҳисобланади. Платформада бир вақтнинг ўзида ижтимоий масофани сақлаган ҳолда 300 киши йиғилиши мумкин.

Фото: «dezeen»

Атроф-муҳитга иложи борича кам таъсир ўтказиш учун студия конструкциянинг қисмларини устахонада йиғиб, кейин уни қирғоққа олиб келиб жойида якунламоқчи. Gómez Platero ҳозирда Уругвай расмийлари билан музокаралар ўтказмоқда ва ёдгорлик жойини аниқлаштирмоқда.

Мутахассисларнинг баҳолашича, ёдгорликни қуришга 6 ой вақт кетади.

Фото: «dezeen»

Фото: «dezeen»

2019 йилнинг декабрь ойидан бошлаб коронавирус дунё бўйича 22,6 миллион кишини зарарлади ва 791,8 минг кишини ҳаётдан олиб кетди.

Янгиликлар