Зангиотада чет элга чиқиш ниятида қарздор фуқаро фарзандлари учун олдиндан алимент пулларини тўлаб қўйди

Тошкент вилояти Зангиота туманида чет элга чиқиши вақтинча чекланган фуқаро фарзандларининг 5 йиллик алимент пулини олдиндан тўлаб қўйди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар берди.

Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судининг ижро варақасига асосан қарздор Ф.Ғаниевдан ундирувчи Д.Бакаева фойдасига вояга етмаган уч нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ½ қисм миқдорида алимент ундириш белгиланган.

Шунинг учун қарздорга нисбатан «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 421-моддасига асосан Ўзбекистон ҳудудидан четга чиқиш ҳуқуқларига вақтинчалик чеклов қўйилган.

Шунингдек, қарздор Ф.Ғаниевнинг молиявий аҳволи ўрганилганда у «Global Cargo Logistics»да тайинланган муайян ойлик маоши билан ишлаши аниқланган.

Қарздор ижро хужжатини алиментни олдиндан тўлаш йўли билан ўзгартириш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти Зангиота туманлараро судига ариза билан мурожаат қилган. Суд қарздор отанинг аризасини қаноатлантирган. Яъни қарздор икки нафар вояга етмаган фарзандларининг таъминоти учун 2020 йил 1 августдан 2025 йил 1 августга қадар олдиндан тўланадиган алимент суммасини 32 404 041 сўм деб белгилаган.

Ф.Ғаниев томонидан мазкур сумма ундирувчига тўлаб берилгач, унга нисбатан Ўзбекистон ҳудудидан четга чиқишини чеклов қарори бекор қилинган.

Аввалроқ Қашқадарёда МИБ ёрдамида 3 ойдан бери алимент ололмаётган аёлга пуллари ундириб берилгани хабар қилинган эди. 

Янгиликлар