Урганчда ялaнғоч юрган эркакнинг ижтимоий тармоқларда видеоси тарқалди

Хоразим вилояти Урганч шаҳрининг марказий кўчаси бўйлаб 19 октябрь куни яланғоч ҳолда кетаётган эркакнинг шахси аниқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Telegram»

Таъкидланишича, 19 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятининг Урганч шаҳри марказида яланғоч ҳолда юрган эркакнинг видеоси тарқалган. Вилоят Ички ишлар бошқармасининг маълум қилишича, мазкур фуқаронинг шахси аниқланиб, ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Тарқалган видео ва суратларда эркак кишининг Урганч шаҳри марказида кийимсиз ҳолда юргани акс этган. Бундан ташқари, ушбу фуқаро ҳудудда хизмат олиб бораётган Миллий гвардия Қўриқлаш бошқармаси ходимлари талабига бўйсунмасдан, улар билан қўпол муносабатда бўлган.

Олиб борилган суриштирув ишлари давомида кўчада яланғоч ҳолда юрган эркак Урганч шаҳрида истиқомат қилувчи, 1994 йилда туғилган, илгари судланмаган ҳамда Ички ишлар органида ҳисобда турмайдиган фуқаро эканлиги аниқланган.

«Бугунги кунда Ички ишлар органлари ва тиббиёт ходимлари томонидан ушбу фуқаронинг руҳий ҳолатига ойдинлик киритилмоқда. Ҳолат бўйича унинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади. Шундан сўнг бу борада қўшимча ахборот берилади», — дейди вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сардор Раҳимов.

Ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Маълумот ўрнида юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш билан жазоланади.

Аввалроқ Тошкент кўчаларининг бирида яланғоч юрган йигит акс этган видео бўйича расмий маълумот билдирилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар