«Мени ўзбеклар алдаган». Хонанда Ҳамдам Собиров Россияда 1 йил ишлаб, пулини ололмагани ҳақида

Хонанда Ҳамдам Собиров 18 декабрь куни YouTube’даги «Intervyu TV» каналига берган интервьюсида Россиядаги қурилишда бир йил ишлаб, пулини ололмай қайтгани ҳақида гапирди.

Кадр: YouTube/«Intervyu TV»

Унинг таъкидлашича, коллежнинг 2-курсида ўқиб юрган пайтида оилавий етишмовчилик сабаб Россияга кетишга мажбур бўлган. Шу орқали молиявий аҳволни яхшилаб, уйга қайтаман деб ўйлаган хонанда қаттиқ адашганини таъкидлаган.

«Натижа ёмон бўлган. 1 йилу 2 ой ишлаганман, лекин пул ололмаганман. Бунда айб ўзимдадир балки, лекин меҳнат қилганман. Аммо бунга яраша ҳақ олмаганман, мени алдашган ўшанда. 2007–2008 йилларда келишув 200 долларга бўлганди. Тўғри, бошида 150 доллар беришган, аммо бу кундалик эҳтиёжларидан бошқасига етмасди.

Агар ҳозирги ақлим бўлганида эди, балки шу ерда бошқа иш қидириб кўрган бўлардим. Лекин унақа фикр менда бўлмаган. У фикр фақатгина 24-25 ёшларимда келган. У пайтлари фақат ёшлик, бебошлик, ўйин-кулги, хурсандчилик, ҳаётим шунақа нарсалардан иборат деб ўйлардим. Ҳаётимда ҳеч қачон қийинчилик бўлмаса керак деб ўйлардим», — дейди Ҳамдам Собиров.

Журналист Феруз Муҳаммад шундан сўнг хонандадан «у ерда сизни кимлар алдаган, ўзбекистонликларми ёки шу ерлик иш берувчиларми?» деб сўраган. Собиров эса қуйидагича жавоб берган:

«Мени ўзбеклар алдаган. Россияда одамлар одатда бир-бирини алдамайди. У ерда ҳамма нарса ҳаққоний. Мана мисол учун, айримлар нима учун бу ерларда ишлайсан, қўшиқ айтасан, санъатинг бор, дерди».

Шунингдек, интервью давомида хонанда чет элда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар учун янги «Мусофирдан қайтмасам» номли тарона тайёрлагани ва қўшиқ премьераси тез орада бўлишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, хонанда Ҳамдам Собиров 2018 йил 26 октябрь куни Маржона исмли қизга уйланган эди. Бахт тўйига Севара Солиева, Дилсўз, Севинч Мўминова, Шароф Муқимова, Наргиз сингари шоу-бизнес вакиллари ташриф буюрганди.