Ўзбекистонга келаётганлар ўз ҳисобидан коронавирус учун экспресс тест топширади

Ўзбекистонга кириб келаётган шахслардан 25 декабрдан бошлаб коронавирус учун пулли экспресс тест олинади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Fontanka»

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасига коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан 2020 йил 25 декабрдан эътиборан Ўзбекистонга кириб келаётган шахслардан коронавирус инфекцияси антигенини аниқлаш экспресс тестини олиш тартибини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Экспресс тест аеропортларда, темир йўл вокзалларида ва чегара пунктларида Ўзбекистонга келувчиларнинг ўз ҳисобидан амалга оширилади.

Мазкур тартибга кўра COVID-19’га топширилган ПЗР тестининг манфиқ натижаси тўғрисида маълумотномага эга шахслардан ҳам эксрпесс тест олинади.

Экспресс тест натижалари мусбат чиққанда, беморлар коронавирус инфекциясини даволашга ихтисослашган тиббиёт муассасаларига жойлаштирилади ёки уй шароитида даволанишга йўналтирилади.

«Юқорида келтирилган маълумотларга биноан, Ташқи ишлар вазирлиги Оператив штаби Ўзбекистонга келишни режалаштирган ватандошларимиз ва хорижий давлатлар фуқароларидан 2020 йил 25 декабрдан бошлаб жорий қилинадиган давлат чегарасини кесиб ўтишнинг янги тартибини ҳисобга олишни сўрайди», дейилади вазирлик хабарида.