Ўзбекистонда чегарадан ўтаётган фуқаролар ўз ҳисобидан коронавирусга тест топширади

Ўзбекистонда чегарадан ўтаётган фуқаролар ўз ҳисобидан COVID-19’га тест топширади. Бу ҳақда АОКА залида 6 октябрь куни бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков маълум қилди.

Фото: «Repost.uz»

Брифингда Нурмат Отабеков «Сўх туманидагилар Фарғонага боришлари учун Қирғизистон томонидан тест натижаси талаб қилиняпти ва у пуллик, нима қилса бўлади?», саволига жавоб берган.

Маълум қилинишича, Сўх туманидаги фуқаролар Қирғизистон томонидан Фарғонага бориши учун ПЗР тест натижаси талаб қилинмоқда. Ўтказиш пунктидан ўтаётган фуқаролар ўз маблағлари эвазига коронавирусга тест топширади.

«Махсус комиссиянинг қарорига мувофиқ, ўтказиш пунктидан (аэропорт, вокзал, ёки бошқа) ўтаётган фуқароларда ПЗР текшируви натижаси бўлиши шарт ва лаборатория текширувлари билан боғлиқ харажатлар мурожаат қилган шахслар томонидан қопланади», — дейди Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси.

Шунингдек, Нурмат Отабековнинг таъкидлашича, фақат касалликнинг клиник белгилари бўлган шахслар, касалликга чалинганлар билан мулоқотда бўлганлар, эпидемик нохуш ҳудудлардан олиб келинган шахслар бепул текширилади.

Аввалроқ Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистонга бормоқчи бўлган ўзбекистонликларга мурожаат қилганди. Унга кўра,  Қирғизистон ҳукуматининг қарорига биноан хорижий давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга сўнги 72 соат ичида ўтказилган коронавирус инфекцияси йўқлигини кўрсатувчи ПЗР тадқиқоти натижалари тақдим этилгандан сўнг Қирғизистонга учадиган самолёт бортига чиқишга рухсат этилади.

Янгиликлар