Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистонга бормоқчи бўлган ўзбекистонликларга мурожаат қилди
Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистонга бормоқчи бўлган ўзбекистонликларга мурожаат йўллади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Қирғизистон ҳукуматининг қарорига биноан хорижий давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга сўнгги 72 соат ичида ўтказилган коронавирус инфекцияси йўқлигини кўрсатувчи ПЗР тадқиқоти натижалари тақдим этилгандан сўнг Қирғизистонга учадиган самолёт бортига чиқишга рухсат этилади.
«Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Қирғизистон чегарасини автомашиналарни ўтказиш пунктлари орқали кесиб ўтишда сўнгги 120 соат ичида ўтказилган COVID-19 учун ПЗР тестининг салбий натижаларини тақдим этишлари шарт», дейилади хабарда.
Қайд этилишичи, тегишли тест натижасининг талаб қилинган муддати объектив сабабларга кўра тугаган тақдирда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар борган жойида ПЗР синовидан ўтишлари шарт.
ПЗР тест натижалари бўлмаган тақдирда ёки клиник аломатлар мавжуд бўлганда Қирғизистон ҳудудига кириш тақиқланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ташқи ишлар вазирлиги Украинага бормоқчи бўлган ўзбекистонликларга мурожаат қилганди. Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги Aбхазиядан 400 га яқин ўзбекистонликни олиб келиш бўйича маълумот берганди.