Ташқи ишлар вазирлиги Украинага бормоқчи бўлган ўзбекистонликларга мурожаат қилди
Ўзбекистоннинг Киев шаҳридаги элчихонаси маълумотларига кўра, Украина ҳукуматининг қарори билан 29 сентябрдан чет эл фуқароларининг ушбу мамлакатга кириш тартиби ўзгартирилган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, хорижий давлатлар фуқаролари Украина чегарасини кесиб ўтишда Украинада рўйхатдан ўтган ёки мазкур мамлакатда ваколатхонасига эга бўлган ёхуд украиналик ширкат билан шартнома тузган суғурта компанияси томонидан берилган суғурта полисига эга бўлшилари талаб этилади.
Суғурта чет эл фуқаросининг COVID-19’га чалинганида даволаниш харажатларини қоплаши ва Украинада бўлиш даврига тўғри келадиган муддатда амал қилиши керак. «Қизил ҳудуд» мамлакатларидан келган чет элликлар ўз-ўзини яккалаш режимига амал қилади. 2020 йил 30 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон «яшил ҳудуд»га киритилган.
Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, батафсил маълумот билан visitukraine.today.ru сайтида танишиш мумкин. Шу муносабат билан Ташқи ишлар вазирлиги Оператив штаби Украинага ташриф буюришни режалаштираётган фуқароларга Украина томонининг ушбу қарорини инобатга олишини тавсия қилади.
Aввалроқ Ташқи ишлар вазирлиги Самара ва Ростовдаги вақтинчалик лагерлар ёпилганини маълум қилгани ҳақида хабар берилди.