ТИВ Aбхазиядан 400 га яқин ўзбекистонликни олиб келиш бўйича маълумот берди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Aбхазия ҳудудида бўлиб турган 400 га яқин Ўзбекистон фуқароларининг ватанга қайтишда кўмак бериш юзасидан оператив штаб ахборотини тақдим этди.

Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ва Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхонасига Aбхазия ҳудудида бўлиб турган 400 га яқин Ўзбекистон фуқароларининг ватанга қайтишда кўмак бериш тўғрисидаги мурожаатлари келиб тушган. Ушбу муаммони зудлик билан ҳал этиш мақсадида мамлакат ташқи сиёсат идораси Россия томонига фуқароларни ортга қайтариш учун уларнинг Россия чегарасини кесиб ўтишларига рухсат олиш юзасидан яна бир бор тегишли мурожаат юборган.

Ёрдамга муҳтожлар (аёллар, ҳомиладолар, қариялар ва болалар)дан иборат Ўзбекистон фуқароларининг биринчи гуруҳини 2020 йилнинг октябр ойи бошларида Ўзбекистонга қайтариш режалаштирилган. Қолган фуқаролар Россия томонидан давлат чегарасини транзит мақсадида кесиб ўтишга рухсат берилгандан кейин Ўзбекистонга қайтарилиши маълум қилинган.

Маълумот ўрнида, Aбхазиядаги фуқаролардан бири Президентдан ёрдам сўраб, видеомурожаат йўллаган. Унда аёл икки ойдан бери оёқ-қўли ишламай ётганлиги, ишга яроқсиз бўлиб қолганлигини, ўзбек болалари ишдан келиб қарашаётганлигини айтган. У ерда ишлашга шароити йўқлигини, оёқ-қўли ишламаслигини таъкидлаган. Шунингдек, у Ўзбекистонга ўтишга ҳаракат қилаётганлиги ва бу муаммода ёрдам беришларини сўраб, мурожаат йўллаган.

Аввалроқ Москвадан 5—10 октябрь кунлари Ўзбекистон вилоятларига репатриация қатнови амалга оширилиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар