Учқўрғонда фуқаронинг жанжаллашгани акс этган видеони тарқатмаслик учун 100 доллар талаб қилган йигит ушланди

Наманган вилояти Учқўрғон шаҳрида фуқаронинг жанжаллашгани акс этган видеони ижтимоий тармоқларга тарқатмаслик учун 100 доллар талаб қилган йигит ушланди. Бу ҳақда Тергов департаменти ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, мазкур шаҳарда яшовчи 20 ёшли A.С. 28 cентябрь кунидан 29 cентябрь кунига ўтар кечаси Ш.A. га қўнғироқ қилган. Унга 2017 йилда Тохир исмли шахс билан жанжаллашган ҳолати тасвирга туширилган видеони жўнатган. Шунингдек, унинг учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, ушбу видеони Telegram каналларга тарқатиб юбормаслик эвазига Ш.A. дан 100 доллар талаб қилган.

Хабарда айтилишича, A.С ундан мазкур пулларни олаётган вақтида Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинган. Ҳолат юзасидан Учқўрғон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ш.A. га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода қизнинг шахсий суратларини тарқатиш билан таҳдид қилиб, 500 доллар олаётган эркак қўлга тушгани, Самарқандда 43 ёшли дугонасининг уятли фотосуратларини тарқатиб, шарманда қилмаслик учун 2200 доллар талаб қилган аёл ушлангани, Бухорода фотомоделликни таклиф қилиб, қиздан алдов йўли билан 650 минг сўм олган «фотограф» қўлга тушгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар