Андижондаги уйда газ чақнагани юзасидан қўшимча маълумот берилди

Андижон вилояти Хўжаобод туманида кўп қаватли уйда газ чақнаши оқибатида бутун оила шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берилган эди. Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати «Tez News»га воқеа юзасидан қўшимча маълумотларни тақдим этди.

Фото: «Tez News»

Унга кўра, воқеа ҳақида 21 декабрь, душанба куни соат 04:40 да Хўжаобод тумани ШТЁБ навбатчи ҳамшираси С.Айипова томонидан хабар берган. Айтилишича, туманнинг Солпи МФЙ Олмазор кўчаси 14-уйда яшовчи фуқаро  Ф.Алимовнинг хонадонида чақнаш содир бўлган.

Оқибатда Ф.Алимов юз, бўйин, иккала қўл ва оёғининг 60 фоиз куйиши тан жароҳатларини олиб, туман шошилинч тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган. Чақнашнинг тахминий сабаби сифатида яшаш уйидаги 3х3 метр ўлчамдаги яшаш хонасида иситиш печига тортилган табиий газни тунги вақтда ўчиб қолиб, оқибатда яшаш хонасига газ тўпланиб қолгани келтирилган. Ф.Алимов газ ҳидини сезмасдан, электр чироғини ёққан вақтида газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган.

Аввалроқ Қибрайдаги хонадонларнинг бирида газ портлаши оқибатида ота-бола ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Андижондаги «дом»да газ портлаши оқибатида 3 киши шифохонага ётқизилгани хабар қилинган.

Янгиликлар