Фарғонада қўшма корхонадан 250 млн сўм солиқ ундирилди

Фарғонада қўшма корхонадан 250 миллион сўм солиқ ундирилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати

Қайд этилишича, Мажбурий ижро бюроси Фарғона шаҳар бўлимига 2020 йил ноябрь-декабрь ойларида Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармасининг «Ўзсаламан» ОАЖ қўшма корхонасидан 250 миллион сўм  солиқ қарзини ундириш ҳақидаги қарорлари келиб тушган. Солиқ тўловчи ОАЖ қўшма корхонаси банк ҳисоб рақамларига солиқ органи томонидан инкассо топшириқномаси қўйилган бўлишига қарамасдан солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товлаб келишган.

«Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуни талаблари бўйича қарздор банк ҳисоб рақамларида пул маблағлари аниқланмагач, Бюронинг Фарғона шаҳар бўлими давлат ижрочиси А.Н. томонидан қарздор «Ўзсаламан» ОАЖ қўшма корхонаси балансида бўлган «Lacetti», «Damas» ва «Nexia 3» автомашиналарини хатлаш бўйича мажбурий ижро ҳаракатларини ўтказишга киришган.

Шундагина, ижро ҳужжатида белгиланган солиқ қарздорлигини тўлашини фаҳмлаган қўшма корхона масъуллари томонидан 17 январь Бюронинг Фарғона шаҳар бўлимига 250 миллион сўм солиқ қарзини нақд шаклда келтириб махсус ҳисоб рақамга тўлаб берган. Шу билан биргаликда, ижро ҳужжатида кўрсатилган талабни ўз вақтида ижросини таъминламаганлик учун масъулларнинг маъмурий жавобгарлик масаласи ҳамда ижро йиғими ундирилиши таъминланган.

Аввалроқ Қашқадарёда маҳалла раиси МИБ ходимига болта билан ҳужум қилгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар