Қашқадарёда маҳалла раиси МИБ ходимига болта билан ҳужум қилди

Қашқадарё вилояти Касби туманида 20 январь куни маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мажбурий ижро бюросининг ходимига болта билан ҳужум қилди. Бу ҳақда «Xabar.uz» маълум қилди.

Фото: «Pexels» / Иллюстратив

Хабарга кўра, Мажбурий ижро бюроси марказий аппарати матбуот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов ушбу воқеа юз берганини тасдиқлаган. Ҳолат МИБ ходимининг суд ҳужжати ижроси жараёнида рўй берган.

Суд ҳужжатига асосан, қарздор Б.Қ.дан давлат фойдасига 10 731 742 сўм солиқ қарздорлиги ҳамда 429 270 сўм давлат божини ундириш белгиланган. Бироқ МФЙ раиси ижро ҳаракатларини амалга ошираётган ходимнинг ишига тўсқинлик қилиб, хонадонидан олиб чиққан болта билан унинг чап елкаси орқа томонига тан жароҳати етказган.

Маълум қилинишича, ҳозирда ҳолат бўйича Касби тумани прокуратураси томонидан терговолди текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Андижонда синглиси билан гаплашмасликни тайинлаган акани пичоқлаган йигитга суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда хотинига памперс едирган эркакка суд ҳукми ўқилгани хабар қилинган.