Қўқондаги чойхонада келиб чиққан оммавий тўполон бўйича 37 кишига суд ҳукми ўқилди
Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги «Шедевр» чойхонасида келиб чиққан оммавий тўполон бўйича 37 кишига 3 декабрь куни суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида мавжуд бўлган 5 февраль куни кечаси Қўқондаги «Шедевр» чойхонасида содир этилган безорилик ва одам ўлдиришга суииқасд қилиш жиноят ишини кўриш бошлангани ҳақида хабар берилганди.
Таъкидланишича, 3 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди Қўқон шаҳридаги «Шедевр» ва Данғара туманидаги «Марокаш» чойхоналарида содир этилган жиноятлар ва улар билан боғлиқ бошқа жиноятлар бўйича айблов ҳукмини чиқарган. Дастлабки тергов органи томонидан 37 нафар шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан айб эълон қилинган жиноят иши суд мажлисида қонунда белгиланган 4 ой кўрилган.
Суд судланувчиларнинг 1 нафарини безориликда уч нафар шахсни қасддан ўлдиришга суиқасд қилиш, қонунга хилоф равишда қурол сақлаш ва безорилик жиноятлари содир этган деб аввалги ҳукм билан тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиб, 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Шунингдек, ўқотар қуролини қонунга хилоф равишда ўтказиш жиноятини содир этган 1 нафар шахсга аввалги ҳукм билан тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиб, 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаш жиноятини содир этган 1 нафар шахсга аввалги ҳукм билан тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиб, 4 йил 4 ой муддатга, муқаддам судланган ва суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ даврида безорилик жинояти содир этган 9 нафар шахсга нисбатан аввалги ҳукм билан тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиб 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, безорилик жинояти содир этишда фаол иштирок этган 4 нафар шахсга аввал судланмаган бўлсада 5 йил, 2 нафарига эса 4 йил муддатга, бошқаларнинг ундови билан безорилик жинояти содир этган 18 нафар шахсга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган ва уларнинг 2 нафари суд залидан қамоққа олинган.
Аввалроқ Андижонда эрини ўлдириш учун 50 минг долларга одам ёллаган аёл 7 йилга қамалгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Андижонда маст фуқарони болта билан уриб ўлдирган шахсга суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар берилган.