Самарқандда хотинига памперс едирган эркакка суд ҳукми ўқилди

Самарқандда хотинини муттасил калтаклаб келган ва унга мажбурлаб памперс едирган эркак Ш.К.га суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Маълум бўлишича, 1 декабрда бўлиб ўтган якуний суд ҳукмига кўра, судланувчи 1985 йил Самарқанд шаҳрида туғилган Ш.К. Жиноят кодексининг 103-моддаси (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) ва 105-моддаси 2-қисми «г» банди (ўта шафқатсизлик билан қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони ўташ 2020 йил 24 августдан бошлаб ҳисобланиши белгиланган.

Судланувчи Ш.К. сўнгги сўзида суддан узр сўраб, бундай ишларни такрорламаслигини, уч ой ичида барча қилмишларини тушуниб етганлигини билдирган. Шунингдек, қўйилаётган айбловнинг ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш (103-модда) қисмини тан олмаслигини, турмуш ўртоғини калтаклаганини эса тан олишини айтган. Жабрланувчи Мустаҳкам Ваҳобова эса судга ишонишини ва унинг чиқарган қароридан розилигини айтиб, турмуш ўртоғи томонидан суд бошидан буён унга нисбатан кўплаб бўлмаган гаплар айтилганини таъкидлаган.

Маълумот ўрнида, Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида прокурор Самарқандда хотинини муттасил калтаклаб келган ва унга мажбурлаб памперс едирган эркакка 8,5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинланишини сўраганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Мустаҳкам исмли самарқандлик аёлнинг доимий равишда турмуш ўртоғи томонидан калтакланиб келиши ҳақида видеолавҳалар тарқалган. Ушбу ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати қўшимча изоҳ бериб, аёл бир неча йилдан бери таҳқир, хўрланишлар остида яшаб келса-да, бирор марта на маҳаллага, на бошқа ташкилотга мурожаат қилмаганинни, шунинг учун маҳаллада бу оила нотинч оила сифатида рўйхатда турмаслигини таъкидлаган. Блогер Ақида Ҳанум эса бу ҳолни «шарманда» деб атаган.

Янгиликлар