Самарқандда прокурор хотинига мажбурлаб памперс едирган эркакни 8,5 йилга озодликдан маҳрум этишни сўради

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида прокурор Самарқандда хотинини муттасил калтаклаб келган ва унга мажбурлаб памперс едирган эркакка 8,5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш лозимлигини айтди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, судья Зарифа Аҳмедова раислигида 2020 йил 23 ноябрь куни давом эттирилган суд мажлисида томонларга музокара учун сўз берилган. Суд музокарасида дастлаб давлат айбловчиси, Самарқанд шаҳар прокурори ўринбосари Умид Ҳакимов судланувчи Ш.К. томонидан қилинган жиноятлар оғир эканини эътиборга олиб, унга 8,5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгилашни сўраган.

«Бу жиноятлар оиладек муқаддас масканда паст ниятлар билан амалга оширилган. Айниқса, бу зўравонлик ожизага нисбатан содир этиб келинганига алоҳида эътибор қаратишингизни сўрардим. Қолаверса, Ш.К. олдин ҳам судланиб, амнистия туфайли озодликка чиққан. Бундан ташқари, унга нисбатан 22 маротаба маъмурий чора кўрилганига ҳам эътибор қаратиш керак. Айнан ушбу ҳолатлар судланувчи шахсининг кимлигини англатади», — деди давлат айбловчиси Умид Ҳакимов.

Судланувчи Ш.К. музокара сўзида барчадан, жумладан, турмуш ўртоғидан ҳам кечирим сўрашини билдириб, жазони ўтагандан сўнг ҳам турмуш ўртоғи билан бирга яшашини маълум қилган.

«Мен ҳаммадан кечирим сўрайман. Уч ой давомида ҳаммасини тушуниб етдим. Мен ундай одам эмасман. Урган бўлсам ҳам, рашк қилиб урдим. Мен иккита фарзандимнинг кўчада қолишини истамайман. Шунинг учун ҳам уларни ташлаб кетмоқчи эмасман», — деди судланувчи Ш.К.

Жабрланувчи Мустаҳкам Ваҳобова эса турмуш ўртоғи Ш.К. билан бирга яшашга рози бўлмаслигини, мазкур воқеа ва жавобгарлик турмуш ўртоғи, умуман, бошқаларга ҳам сабоқ бўлиши лозимлигини маълум қилган.

Суд 1 декабргача танаффус эълон қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Мустаҳкам исмли самарқандлик аёлнинг доимий равишда турмуш ўртоғи томонидан калтакланиб келиши ҳақида видеолавҳалар тарқалган. Ушбу ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати қўшимча изоҳ бериб, аёл бир неча йилдан бери таҳқир, хўрланишлар остида яшаб келса-да, бирор марта на маҳаллага, на бошқа ташкилотга мурожаат қилмаганинни, шунинг учун маҳаллада бу оила нотинч оила сифатида рўйхатда турмаслигини таъкидлаган. Блогер Ақида Ҳанум эса бу ҳолни «шарманда» деб атаган.

Кейинчалик Сенат Мустаҳкамнинг аёвсиз калтакланиши билан боғлиқ ҳолат назоратга олинганини маълум қилган. Маҳалла вазирлиги унинг оиласини сақлаб қолиш имконсиз эканини айтган. Шундан сўнг памперс едирган ва аёвсиз калтаклаган эрнинг жиноят иш очиқ судда кўрилиши ҳақида хабар берилганди.