Самарқандда хотин-қизларга зўравонлик қилган 16 нафар шахс ушланди

Самарқанд вилоятида 5 кун давомида хотин-қизларга зўравонлик қилган 16 нафар шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати

Маълум бўлишича, Самарқанд вилоятида 5 кун давомида 3305 та оила ўрганилган. Натижада 365 та низоли оилалар билан профилактик ишлар олиб борилган. Ушбу оилаларда 47 муаммо аниқланиб, шундан 25 таси жойида ижобий ҳал этилган. Яна 29 та ҳолатда нотинчликка барҳам берилган. 11 та ҳолатда эса ажрим ёқасига келиб қолган оилалар ўзаро яраштирилган.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати

Бундан ташқари, оила турмуш муносабатлари доирасида хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этган 16 нафар шахслар аниқланган. Ҳудудий профилактика инспекторлари ва хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар томонидан жабрланган хотин-қизларга тегишли тартибда ҳимоя ордерлари расмийлаштирилган. Мазкур қарор ҳамда ордерда белгиланган чеклов талаблари бўйича батафсил ҳуқуқий тушунтириш ишлари олиб борилган.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати

Аввалроқ Самарқандда 8 ой давомида 254 нафар аёлнинг зўравонликка учрагани, Бухорода ўғли томонидан камситилиб, руҳий зўравонлик қилинган онага ҳимоя ордери берилгани, Самарқандда аёлига памперс едириб, аёвсиз калтаклаган эрга чора кўрилгани хабар қилинган эди.