Қўқондаги чойхонада келиб чиққан оммавий тўполон бўйича 37 киши суд қилинмоқда

Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги «Шедевр» чойхонасида келиб чиққан оммавий тўполон бўйича 37 киши суд қилинмоқда.

Маълум қилинишича, Жиноят ишлари бўйича вилоят судида мавжуд бўлган 5 февраль куни кечаси Қўқондаги «Шедевр» чойхонасида содир этилган безорилик ва одам ўлдиришга суииқасд қилиш жиноят ишини кўриш бошланган.

Қайд этилишича, ёшлар ўртасида рўй берган жанжал юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тезкор тадбир ўтказган ҳамда мазкур воқеа иштирокчилари ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 105-моддаси (Баданга қасддан ўртача оғир жароҳат етказиш), 277-моддаси (Безорилик), 25-97-моддаси 2-қисми (Жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ва 248-моддаси 2 ва 3- қисмлари (Қонунга хилоф тарзда ўқотар қуролини ўтказиш ва сақлаш) билан жами 37 кишига нисбатан айблов қўйилган.

«Жиноят иши вилоят суди биносида очиқ суд мажлисида судланувчиларнинг 29 нафар адвокатлари иштирокида кўрилмоқда. Ҳозирда судланувчи ва жабрланувчиларнинг кўрсатувлари эшитилмоқда. Пандемия сабабли фуқароларнинг суд мажлисида иштирок этиши чекланган. Шундай бўлса-да, карантин қоидаларига риоя этган ҳолда фуқароларнинг очиқ суд мажлисида иштирок этишлари имкон даражасида таъминланмоқда. Кейинги суд мажлисларида судланувчилар билан бирга 60 дан зиёд гувоҳларнинг кўрсатувлари эшитилади. Иш юзасидан якуний қарор қачон чиқарилиши номаълум, лекин қонуний ва адолатли ҳукм қонунда белгиланган муддатда чиқарилади», — деди вилоят судьяси Раҳмат Арапов.

Аввалроқ Ўзбекистон туманида салкам 3 миллион сўмлик телефон ва 100 минг сўмдан зиёд пул ўғирлаган шахс ушлангани ва Фарғонада ер олиб бераман деб, танишини 5 минг долларга чув туширган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Ёзёвонда фирибгарлик жиноятини содир этиб, қидирувда бўлган шахс қўлга олингани ҳамда Фарғонада фуқарони Германияга ишга жўнатишни айтиб, 10 миллион сўмга чув туширган шахслар ушлангани маълум қилинди.

Янгиликлар