Фарғонада ер олиб бераман деб, танишини 5 минг долларга чув туширган шахс ушланди

Фарғона вилоятида ер олиб бераман деб, танишини 5 минг долларга чув туширган шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2018 йилнинг март ойида фуқаро К.А. таниши Ю.А.нинг ишончига кириб, 5000 доллар эвазига танишлари орқали «Дўстлик» МФЙ ҳудудида жойлашган фермер хўжалиги ер майдонидан уй-жой қуриши учун ер ажратилишида ёрдам беришини айтган. Пулларни олгач, алдов йўли билан қўлга киритган маблағни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Маълумот учун, Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а» бандида қайд этилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Учкўприкда қишлоқдошининг салкам 2,5 миллион сўмлик телефонини тортиб олган шахс қўлга олингани ва ўртоғининг машинасидан 500 доллар ўғирлаган шахс ушлангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Фарғонада фирибгарлик жиноятини содир этиб, терговдан яширинган шахс қўлга олингани ҳамда Ўзбекистон туманида салкам 3 миллион сўмлик телефон ва 100 минг сўмдан зиёд пул ўғирлаган шахс ушлангани маълум қилинди.

Янгиликлар