Aндижонда эрини ўлдириш учун 50 минг долларга одам ёллаган аёл 7 йилга қамалди
Aндижон вилояти Aсака туманида эрини ўлдириш учун 50 минг долларга одам йўллаган аёлга иккинчи бор суд ҳукми ўқилиб, у 7 йил озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.
Хабарга кўра, О.Д. исмли аёл 2020 йил февраль ойида қўлга олинган. Унга нисбатан 14 февраль куни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми (Қасддан одам ўлдиришга тамагирлик ниятида суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, иши судга оширилган.
Жиноят ишлари бўйича вилоят суди томонидан унинг ҳаракатлари 97-моддаси 1-қисмига қайта квалификация қилишдан ташқари Жиноят кодексининг 57-моддасини (Жиноят учун белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ жазо тайинлаш) қўллаган ҳолда 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, белгиланган мазкур жазо шартлига алмаштирилган ва 2 йил синов муддати берилиши натижасида аёл 17 сентябрь куни озодликка чиқарилган. Ҳукмни асоссиз ва адолатсиз деб ҳисоблаган Андижон вилоят прокуратураси унга нисбатан суднинг юқори инстанциясига протест киритган.
Мазкур жиноят иши вилоят прокуратурасининг протести ва жабрланувчининг шикояти асосида Жиноят ишлари бўйича вилоят суди апелляция инстанциясида кўриб чиқилган. Судлов ҳайъати томонидан вилоят прокурори протести қисман қаноатлантирилиши натижасида биринчи босқич суди ҳукми ўзгартирилган. Яъни судланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 72-моддаси тартибида белгиланган 2 йил синов муддати бекор қилиниб, тайинланган 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташи белгиланган ва у қамоққа олинган.
Таъкидланишича, маҳкума О.Д. 2010 йилда туҳмат қилиш, 2017 йилда ўзимбошимчалик айбловлари билан судланган. Шунингдек, унга нисбатан 2019 йилда қасддан баданга шикаст етказиш аломатлари билан жиноят иши ҳам қўзғатилган бўлиб, фақат тарафларнинг ярашгани муносабати билан «иш» тугатилган.
Аввалроқ Самарқандда хотинини чопиб ташлаб, уйини ёқиб юборган эркак ўз жонига қасд қилгани, Бухорода фуқаро танишини ошхона пичоғи билан ўлдиргани ва Aсакада оилавий келишмовчилик сабаб хотинини пичоқлаб ўлдирган эр қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Мавзуга доир:
Кейинчалик Избосканда отасини ҳақорат қилган шахсни пичоқлаган фуқаро қўлга олингани ҳамда Aндижонда аёлини рашк қилган эр нотаниш кишини ўткир тиғли жисм билан жароҳатлагани маълум қилинди.