Андижонда синглиси билан гаплашмасликни тайинлаган акани пичоқлаган йигитга суд ҳукми ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман судида синглиси билан гаплашмасликни тайинлаган акани пичоқлаган 18 ёшли йигитга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Daryo» хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум бўлишича, судланувчи Ботир Содиқов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2020 йил 20 июнь куни соат 10:00 да китобини топшириш учун ўзи ўқийдиган мактабга борган. Мактабдан чиқиб кетаётганда ўзидан олдинда юриб бораётган синфдоши Сожида Хурсандбекованинг олдига борган. Синфдошлар гаплашиб турганида уларнинг ёнига Сожиданинг акаси Қобил «Lacetti» машинасида келиб, Ботирни синглиси билан гаплашаётгани учун бир неча маротаба уриб, тан жароҳати етказган.

«Шу куни соат 14:00 да уйга келиб дам олдим. Кечки пайт соат 18:00 да ошналарим билан футбол ўйнаш мақсадида кийимларим солинган сумкамни олиб, ъстадионъга келдим. ‘Стадион’да Сожиданинг акаси Қобилнинг дўсти Илҳомни кўриб қолиб, унга вазиятни тушунтириб, у мени урган бўлса ҳам кечирим сўрамоқчилигимни, лекин телефонига туша олмаётганимни айтдим.

Илҳом мендан Қобилнинг синглиси билан муносабатим ҳақида сўради. У қиз билан ҳеч қандай алоқам йўқлигини айтганимдан кейин дўстига қўнғироқ қилиб, қаерда эканлигини сўради. У Андижон шаҳридан қайтиб келаётганини айтди. Соат 20:00 да Қобил мен танимайдиган шериги билан ёнимизга келди. Илҳом дўстига менинг гапим борлигини айтиб, нотаниш болани олиб, беш-ўн метр нарига кетди.

Қобил мени тўлиқ эшитмасдан яна юзимга урди. Бундан аччиқланиб, сумкамда пичоқ борлиги ёдимга тушди. Ўзимни ҳимоя қилиш учун пичоқни олиб, унинг қорнига урдим. Пичоқ синиб, учи Қобилнинг қорнида, дастаги қўлимда қолди. Шундан қўрққанимдан дастакни ерга ташлаб, воқеа жойидан қочдим. Мен бунақа бўлишини хоҳламагандим. Бунинг учун барчадан кечирим сўрайман», — деди судда сўз олган Ботир Содиқов.

Суд Ботир Содиқовни Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан айбдор деб топиб, унга нисбатан 3 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлаган. Шунингдек, унга Шаҳрихон тумани ИИБнинг рухсатисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик, вилоят ҳудудидан чиқмаслик, алкоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик каби қўшимча тақиқлар юкланган.

Суд ҳукми билан унга нисбатан қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, дарҳол вилоят ИИБ 3-сонли тергов ҳибсхонасидан озод қилинган.

Аввалроқ Андижонда севган қизини рашк қилиб 30 ёшли эркакни ўлдиргани айтилган йигит қарийб 10 йилга қамалгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Жасади чамадондан топилган Олий суд ходимининг қотилларига суд ҳукми ўқилгани хабар қилинган.

Янгиликлар