Андижонда севган қизини рашк қилиб 30 ёшли эркакни ўлдиргани айтилган йигит қарийб 10 йилга қамалди

Андижон вилояти Асака туманида 18 ёшли йигит ёқтирган қизини рашк қилиб 30 ёшли эркакни ўлдириб қўйган 18 ёшли йигитга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Daryo» хабар берди.

Фото: Тергов департаменти матбуот хизмати

Маълум бўлишича, судланувчи Одил Нусратов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2020 йил 25 июль куни соат 22:30 да Асака тумани Қипчоқ маҳалласи ҳудудида жойлашган дала майдонида шу маҳаллада яшовчи Жавлон Ҳикматуллаев ва «Дастурхончи» маҳалласида яшовчи Илҳом Мирзаевлар билан ўзаро тортишиб қолган. Жанжал вақтида қипчоқлик Жаҳонгир Ўсаров уларнинг олдига келиб, ажратишга ҳаракат қилган ва «Дастурхончи» маҳалласида менга тенг келадигани йўқ, деган.

Бу гапдан жаҳли чиққан Одил Нусратов ўзи билан бирга олиб келган темир буюм (труба бўлаги) билан Жаҳонгир Ўсаровнинг бош соҳасига бир маротаба уриб, оғир тан жароҳати етказган ва унинг ўлимига сабабчи бўлган.

Жиноят содир бўлган кунда Одил Нусратов қўшнисининг уйида «сварка» қилаётган бўлган. Иш ниҳоялаганида ўртоқлари Дурбек ва Комиллар «разбор» бор деб уни олиб кетган.

«Борсам, етти-саккиз киши турибди. Улардан нима бўлди, деб сўрасам, Комил қипчоқлик Жамшид исмли бола билан телефонда гап тортишиб жанжаллашганини, у билан уришмоқчилигини, шунинг учун олдига кетишаётганини айтишди. Ошналаримни ёлғиз қўймаслик учун мен ҳам уларга қўшилдим. Шерикларимга ўзимизни ҳимоя қилиш учун темир трубалардан олишни таклиф қилдим. Фикримга ҳамма қўшилди.
Воқеа жойига борганимизда бизни дастурхончилик уч-тўртта бола кутиб олди.

Тўғриси, жанжалга сабаб бўлган Жамшид телефон орқали ошналарим билан дастурхончилик Сарвиноз исмли қиз туфайли ўзаро гап тортишиб қолганлигини шу ерда билдим. Жамшид Илҳом билан яккама-якка уришадиган бўлди. Қолганлар ортга қайтадиган бўлдик. Тўпланиб қолганимизда марҳум Жаҳонгир ака қўлида кетмон сопига ўхшаш таёқ билан келганини кўрдим.

Жаҳонгир ака бизга қараб, Дастурхончида менга тенг келадигани йўқ, деб бақирди ва шеригимизга қараб, сен нега гўлаясан, деди. Энг ёмони, онамизни тилга олиб, ҳақорат қилди. Бундан ғазабланиб унинг ёнидан ўтиб кетаётганимда қўлимдаги труба билан бошига бир маротаба урганимда ерга йиқилди. Трубани ерга ташлаб, у ердан қочдик. Кейин нима бўлганини билмайман», — деди судланувчи Одил Нусратов.

Суд Одил Нусратовга нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлса) билан 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.

Эслатиб ўтамиз, Тергов департаменти Андижон вилоятида яшовчи фуқаро яхши кўрган қизини рашк қилиб 30 ёшли шахснинг умрига зомин бўлди деб хабар тарқатгач, марҳумнинг акаси Санжар Ўсаров мурожаат қилиб, аслида ҳолат Тергов департаменти айтганидек бўлмаганини, укаси уришаётган болаларни ажратмоқчи бўлиб борганини ва унинг ўлими билан боғлиқ воқеа юз берганини сўзлаб берганди.

Мавзуга доир:

Янгиликлар