Қорақалпоғистонда талаба қиз ва унинг бувисини пичоқлаб ўлдирган йигит қамоққа олинди

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида 29 ноябрь куни талаба қиз пичоқлангани ва унинг 79 ёшли бувиси ўлдириб кетилгани ҳақида хабар берилганди. Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан баёнот берди.

Хабарга кўра, ҳолат юзасидан Тўрткўл тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида 1991 йилда туғилган фуқаро Ж.С. 29 ноябрь куни ўғирлик қилиш мақсадида хонадонга қиргани ва у ерда яшаётган 79 ёшли аёл ҳамда унинг набирасига ошхона пичоғи билан тан жароҳатлари етказиб, пул ва 2 дона уяли телефон аппаратини олиб кетгани аниқланган. Олинган тан жароҳатлари оқибатида аёл воқеа жойида, набираси эса шифохонада вафот этган.

Терговда фуқаро Ж.С. Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми билан гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, суднинг ажрими билан унга қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Аввалроқ Самарқандда хотинининг бегона эркак билан ишқий муносабатда бўлганини кўрган эр уларни пичоқлаб ўлдирганди. Кейинчалик эркак пичоқлаганини билгани, лекин ўлдириб қўйганини сезмаганлигини айтиб, хотини ва унинг жазманини ўлдирган эр қотиллиги ҳақида гапириб берган.

Янгиликлар