Наманганда 16 ёшли йигит севган қизига SMS жўнатган танишини пичоқлаб ўлдирди

Наманган шаҳрида 16 ёшли йигит севган қизига SMS жўнатган танишини пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, вояга етмаган 16 ёшли Х.Р. 7 ноябрь, шанба куни соат 22:30 атрофида Наманган шаҳар Сохил маҳалласида мактабдоши, вояга етмаган 17 ёшли Ғ.Н. билан «Менинг яхши кўрган қизимга SMS жўнатдинг», деб жанжаллашган. Оқибатда йигит Ғ.Н.нинг қорин соҳасига пичоқ билан бир маротаба қасддан уриб, тан жароҳати етказган.

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Хабарга кўра, ҳодиса содир бўлган жойга етиб борган тергов гуруҳи жойни кўздан кечириб, Бодомзор кўчасидан оқиб ўтувчи ариқ бўйидан тан жароҳати етказишда фойдаланилган ёғоч сопли ошхона пичоғи аниқланган. Пичоқ процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Тиббий маълумотномага кўра, жабрланувчининг қорнидаги санчилган, кесилган тарзидаги жароҳати бўлиб, чарви инвентаризацияси, жароҳатидан қон сизиб чиқиши кўрсатилган.

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 2-сонли Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан фуқаро Х.Р.га Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Бироқ 9 ноябрь, душанба куни кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, жабрланувчи касалхонанинг жонлантириш бўлимида олган оғир тан жароҳати сабабли вафот этган.

Таъкидланишича, Х.Р.га Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан айблов эълон қилиниб, қамоққа олинган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Андижонда аёлини рашк қилган эр нотаниш кишини ўткир тиғли жисм билан жароҳатлагани ва Москвада ўзбекистонлик эркак ажрашишга ариза бергани учун хотинини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, Пастдарғомда хотинини бўғиб ўлдириб, жасад бўйнига сиртмоқ осган эркак қўлга олингани ҳамда Жиззахда 25 ёшли йигит турмушга чиқиш таклифини рад этган қизни пичоқлаб ўлдиргани маълум қилинган.