Бухорода 35 ёшли аёл «ўйнаш»ини пичоқлаб ўлдирди — видео

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида 35 ёшли аёл 44 ёшли жазманини пичоқлаб ўлдириб қўйди. Бу ҳақда «Zamon» информацион дастурида маълум қилинди.

Кадр: Telegram / @zamonuz

Қайд этилишича, аёл ўзи яшаб турган уйга оиласидан ажрашган эркакни тез-тез таклиф қилиб турган. Навбатдаги учрашувлардан бирида улар спиртли ичимлик истеъмол қилиб, ўзаро жанжаллашиб қолади.

Шу пайти аёл дастурхон устида турган ошхона пичоғини олиб, эркакнинг оёғига уради. Оқибатда фуқаро туман касалхонасида қилинган тиббий муолажаларга қарамай вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ғиждувон тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми «д» банди жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро Р.Ж.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Бухорода танишининг «ўйнаши» борлигини яшириш учун ундан 71 миллион сўм олган қиз ушлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда маст эркак келишмовчилик сабаб 34 ёшли аёлни уриб ўлдиргани хабар қилинган.

Янгиликлар