Бухорода танишининг «ўйнаши» борлигини яшириш учун ундан 71 млн сўм олган қиз ушланди

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида 28 ёшли қиз танишининг жазмани билан боғлиқ сирни ошкор қилмаслик эвазига жами 71 миллион сўм пулини қўлга киритган. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Фото: Бухоро вилояти ИИБ матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Ғиждувон тумани Қорахони қишлоғида яшовчи 42 ёшли А.Р. туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига Бухоро шаҳар Алпомиш кўчасида яшовчи, 1992 йилда туғилган Г.С. исмли фуқаро устидан мурожаат қилган. Мурожаатида Г.С. талаб қилган маблағни бермаса, Бухоро шаҳрида яшовчи ўйнаши борлигини оммага, айниқса, унинг оила аъзоларига ошкор қилиш билан мунтазам қўрқитиб келганини маълум қилган.

Шунингдек, фуқаро Г.С. сирни ошкор қилмаслик эвазига бўлиб-бўлиб, 2019 йилнинг май ойи охирларидан 2020 йил декабрь ойи ўрталарига қадар бўлган вақт оралиғида 71 миллион сўм пулини қўлга киритган. Бундан ташқари, унинг қимматбаҳо буюмлар талаб қилиб келгани аниқланган. Охирги марта Г.С. 3,5 миллион сўм пул талаб қилгани аниқланган.

2020 йил 16 декабрь куни туманнинг Памўза маҳалласи Ю.Ҳамадоний кўчасида жойлашган «Бек» ресторани яқинида жабрланувчидан талаб қилинган 3,5 миллион сўм пулдан кимёвий ишлов берилган 3 миллион сўм пулни товламачилик йўли билан олаётган вақтда ашёвий далилар билан ушланди.

Ушбу ҳолат юзасидан фуқаро Г.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда аёлнинг яланғоч рақсга тушган видеоларини тарқатиш билан «шантаж» қилиб, 50 минг доллар талаб қилган эркак қўлга олингани ва Учқўрғонда фуқаронинг жанжаллашгани акс этган видеони тарқатмаслик учун 100 доллар талаб қилган йигит ушлангани хабар қилинганди.

Янгиликлар