Андижонда йигит ёқтирган қизига гап отган шахсни бошига темир бўлаги билан уриб, ўлдириб қўйди
Андижонда 18 ёшли йигит яхши кўрган қизига гап отгани учун 30 ёшли йигитнинг бошига темир бўлаги билан уриб, оғир тан жароҳати етказди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати хабар берди.
18 ёшли О.Н. ўзининг яхши кўрган қизига гап отганлиги учун 30 ёшли Ж.Ў. билан ўзаро жанжаллашганлиги оқибатида 2020 йилнинг 25 июль куни соат 22:30 да Асака тумани «Қипчоқ» МФЙ ҳудудида О.Н. қўлида бўлган темир бўлаги билан Ж.Ў.нинг бош қисмига урган. Натижада Ж.Ў. оғир тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
Ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида О.Н. томонидан Ж.Ў.га тан жароҳати етказилган бир дона темир бўлаги ашёвий далил тариқасида ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинган.
Ҳолат юзасидан Асака тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши бўйича О.Н. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибида ушланган.
Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан Ж.Ў. 27 июль куни шифохонада вафот этган.
Жиноят иши ЖКнинг 104-моддаси 1-қисмидан 104-моддаси 3-қисми «д» бандига (Жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) қайта малакаланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Аввалроқ Бухорода ёқтирган йигитига суратларини юборган қизни қўрқитиб, 3700 доллар ва 20 миллион сўмлик тилла тақинчоқларни қўлга киритган аёл ушлангани ҳақида хабар берилган эди.