Наманганда икки йигит олиб қочган 16 ёшли қиз машинадан сакраб вафот этди — видео

Наманган вилояти Норин туманида яшовчи икки йигит 20 декабрь куни 16 ёшли қизни олиб қочган. Қиз улардан қочиш учун ўзини машинадан ташлаб, вафот этган. Бу ҳақда Наманган ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, Норин туманида яшовчи 18 ва 23 ёшли икки йигит 20 декабрь куни соат тахминан 23:30 ларда спиртли ичимликдан маст ҳолда туманнинг Чангитма маҳалласидаги уйлардан бирида ижарада яшаб келаётган, асли Учқўрғон туманидан бўлган 16 ёшли қизнинг олдига борган. Йигитлар қизга унинг дугонаси билан боғлиқ муҳаббат можаросида гаплашиб олмоқчи эканлигини, бу масалада унинг ёрдами кераклигини айтган. Шундан сўнг йигитлар қизни «Damas»га ўтказиб, уни ўғирлаб кетган.

Қиз эса йигитлардан қутулиш мақсадида юриб кетаётган машинанинг эшигини очиб, ўзини ерга ташлаган. Қизни ўғирлаган йигитлардан бирининг таъкидлашича, қиз ўзини машинадан ташлагач, у машинадан тушиб, қизга ёрдам бериш учун олдига борган. Иккинчи йигит эса воқеа жойидан қочиб кетган. «Damas» ҳайдовчиси воқеа жойидан қочиб кетгач, йўлдан ўтиб кетаётган «Lacetti» ҳайдовчиси тўхтаб, қизни шифохонага олиб борган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, қиз ўта ўғир тан жароҳати билан шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.

Маълум бўлишича, қиз ўғирлаб кетилган хонадонда Учқўрғон туманидан икки нафар, Норин туманидан бир нафар қиз ўқишга кириш учун тайёрлов курсларида ўқиш мақсадида бир ярим ойдан буён яшаб келган.

Мазкур ҳолат юзасидан Норин тумани ИИБ Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 117-моддаси 2-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган хавф остида қолдириш) ҳамда 137-моддаси 3-қисми «б» банди (оғир оқибатларга сабаб бўлган одам ўғирлаш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Икки йигитга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Аввалроқ Самарқандда хотинининг бегона эркак билан ишқий муносабатда бўлганини кўрган эр уларни пичоқлаб ўлдирганди. Кейинчалик эркак пичоқлаганини билгани, лекин ўлдириб қўйганини сезмаганлигини айтиб, хотини ва унинг жазманини ўлдирган эр қотиллиги ҳақида гапириб берган.

Янгиликлар