Наманган вилоятининг айрим ҳудудларида ичимлик суви таъминоти вақтинча тўхтатилди

Наманган шаҳри, Наманган ва Уйчи туманларининг айрим жойлари 23 октябрь куни ичимлик суви таъминотидан вақтинча узилди. Бу ҳақда «Наманган сув таъминоти» МЧЖ ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, Наманган шаҳрининг «Яккатут» маҳалласи ҳудудидаги ичимлик сув тармоғида носозлик  юзага келганлиги тўғрисида мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаат бўйича носозликни бартараф этиш учун 23 октябрь куни соат 12:45 да «Жийдакапа» иншоотидан сув узатиш вақтинчалик тўхтатилди.

Шунга асосан 23 октябрь, жума куни Наманган шаҳрининг Бобуршоҳ, Марғилон кўчалари, «Зарбдор», «Янги ҳаёт», «Янги қурилиш», «Янги замин», «Янги аср», «Баркамол авлод» маҳаллалари, «Лола» жаҳон бозори ҳудуди, Уйчи кўчасидаги кўп қаватли уйлар, Марказий шифохона, 4-оилавий поликлиника, Aгротадбиркорлик коллежи ҳудуди, вилоят силга қарши кураш диспанцери, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ҳудудларида сув таъминотида чекловлар кузатилади.

Шунингдек, Наманган туманининг «Қурама», «Эшобод, «Қўрғонча», «Қорасув», «Неъматжон», «Ғалча», «Қўқонқишлоқ», «Хонобод», «Ирводон»  1-2-3 маҳалларида, Уйчи туманининг Жийдакапа, Машад, Ўнҳаят, Обжувоз қишлоқларида ичимлик суви таъминотида чекловлар бўлиши маълум қилинди.

Аввалроқ Наманганнинг айрим ҳудудларида 5 октябрь куни сув таъминоти вақтинча тўхтатилгани, Андижонда сўнгги уч йилда аҳолига ичимлик суви етказиб бериш учун 372 миллиард сўм ҳамда Бағдодда салкам 500 та уйни сув билан таъминлашга 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфлангани маълум қилинганди.